Ўзбекистонда сўлим баҳор, наврўзи олам. Ҳозир об-ҳаво ҳатто ёзни эслатади. Бугунга келиб кимлардир ўтган, совуқ қиш кунларини унутди, кимлардир йўқ. Нима бўлганда ҳам, у кунлар айниқса юпун қишлоқ аҳлига катта талафотлар қолдириб кетди. Ўзбекистон режими президент сайловининг индинидан, 2007 йилнинг 25 декабридан бошланиб, 50 кун давом этган қаттиқ совуқ оқибатларини халқдан яширди ва яширмоқда. Масалан, совуқдан қанча инсон ҳалок бўлгани, қирилган қўй-эчки ва қорамоллар ёки ўтинга айланган токзорлар сони эълон қилинмади. Қор кўчкилари қанчадан-қанча хонадонлар ҳаётига завол бўлгани номаълум. Бу ҳам майли-я, Ўзбекистон “пинж”идаги Тожикистон ўз ҳудудидаги совуқ оқибатларидан катта зарар кўрганлиги тўғрисида хабар бериб, Ўзбекистон “сир”ини ҳам очиб қўяётгани сабаб Каримов режими бу хабарларни Ўзгидромет маркази раҳбарлари оғзидан инкор қилди.
Сўнгги 40 йил, эҳтимол, 80 йил ичида бўлган қаҳратон бу қишда кўрилган айрим талафотлар оқибатлари энди, баҳорга келиб силқиб чиқмоқда. Қўй-эчки ва қорамоллар сони камайганлиги Ўзбекистон бозорларида гўшт тақчиллиги ва унинг қимматлашувига сабаб бўлди. Ҳозир, масалан, Тошкентнинг гўшт нисбатан арзонроқ сотиладиган Эскижўва бозорида 1 кг қўй гўшти нархи ҳозир 7 минг сўм (5 АҚШ доллари) дан ошиб кетди (январда 5,5 минг сўм эди).
Узумзору мевазорларни айтмайсизми!? Уларни истифода этувчи 66 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари хонавайрон бўлмадимикан? (рақам Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинди). Улар маҳсулотини қайта ишлаб сотувчи “Ўзвиносаноатхолдинг” компанияси ҳам танг аҳволда қолган. Аҳволни ўнглаш учун, ЎзА ахборот агентлиги томонидан яқинда берилган расмий хабарга кўра, Ўзбекистон бўйича қарийб 12 минг гектар майдондаги боғ ва узумзорларда қайта тиклаш ишлари амалга оширилаётган эмиш.
Мақолда айтилганидек, жўжани кузда эмас, бу гал баҳорда санамоқдалар.